Ангрен

АНГРЕН (Оҳангарон, яъни «темирчилар» атамасининг русча бузилган шакли) — Тошкент вилоятидаги шаҳар (1941 — 46 й. ларда шаҳарча). Жигаристон, Жартепа, Тешиктош, Қўйхона қишлоқлари ўрнида бунёд этилган. Оҳангарон дарёси бўйида. Тошкентдан 120 км жан.-шарқда. Т. й. станцияси. Аҳолиси 130,0 мингдан зиёд киши (2000). Оҳангарон водийсининг тоғли қисмида. Ангренни шим.-ғарбдан Чатқол тизмаси, жан.шарқдан Қурама тоғ тизмалари ўраб туради. Июлнинг ўртача т-раси 27°, қиши анча совуқ, янв. нинг ўртача т-раси — 2°. Баҳорда жала ёғиб, қаттиқ шамоллар бўлиб туради. Шамолнинг тезлиги 3 — 6 м/сек, баъзан 15 м/сек га етади. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Оҳангарон водийсида ўрта а. ларда аҳоли анча зич яшаган ва темирчилик, ҳунармандчилик б-н шуғулланган. 1934 й. дан Оҳангарон водийсида геологик қидирув ишлари бошланди. 1940 й. А. да дастлабки кўмир шахтаси барпо қилиниб, 1942 й. ишга туширилди. Ангрен қурилишида айрим хатоларга йўл қўйилди: чунончи шаҳарнинг асосий қисми кумир қатламлари устига қурилиб қолган бўлиб, кейинчалик шаҳарни бошқа жойга кўчиришга тўғри кедди. 1956 й. мартида янги лойиҳа тасдикланиб, янги шаҳар эскиси ўрнидан 7 — 8 км жан.-ғарбда, Дукантсой билан Қорабовсой ва Тошкент — Қўқон йўли ёқасида кўмирдан холи бўлган жойда қад кўтарди.


А. Ўрта Осиёда катта аҳамиятга эга бўлган кўмир ва энергетика саноати маркази. Уруш йилларида Ўзбекистоннинг кўпгина саноат корхоналари Ангрен кўмири б-н таъминланиб турди. А. да озиқовқат ва енгил саноат корхоналари ҳам бор. А. нинг энг йирик саноат корхонаси «Ўзбеккўмир» к-тидир. Ангренда чиқариладиган кўмирнинг 2/3 қисмидан кўпроғи очиқ усулда қазиб олинади. Ангренда кўмирнинг бир қисми «Еростигаз» стясида ер қаърида газга айлантирилиб Ангрен ГРЭС ва Янги Ангрен ГРЭСларини газ билан таъминлаб туради. Кон ускуналарини тузатиш, цемент, темир-бетон буюмлари ва йиғма темир-бетон, тажрибамеханика, автомобиль таъмирлаш, «Ангрен рангли металлар», нон, сут з-длари, «Саноаткартонсавдо» ҳиссадорлик жамияти, «Ангренкулол» ҳиссадорлик жамияти, «Ўзбекрезинатехника» и. ч. бирлашмаси, олтин бойитиш ф-каси, «Каолин» (каолин бойитиш ф-каси) ЎзбекГермания қўшма корхонаси, 2 йирик автокорхона, Облик, норуда материаллар карьери, уйсозлик к-ти ишлаб турибди. 1941 й. Тошкент билан Ангрен ўртасида 114 км ли т. й. ўтказилди. Тошкент — Ангрен — Кўқон — Наманган — Андижон — Ўш автомобиль йўли ўтади.


Ангренда пед. ин-ти, техника коллежи, техника, пед., тиббиёт билим юртлари, турк, техника, пед. лицейлари, ёш техниклар ст-яси, 3 мусиқа мактаби, спорт мактаби, 5 поликлиника, 6 диспансер, 5 касалхона, 3 профилакторий, 14 до-рихона, 1 меҳмонхона, 35 кутубхона, 4 клубкинотеатр, ўлкашунослик музейи, суратлар галереяси бор. 1996 й. 3000 кишилик масжид қурилди. Навоий номидаги маданият саройи, шаҳар спорт комплекси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, боксчилар саройи, шахмат клуби ишлаб турибди. «Ангрен ҳақиқати», «Ангренская правда» газ. лари нашр қилинади.