АШХОБОД
АШХОБОД (туркманча Ашгабат; араб. — ошиқ ва форс — обод; 1919 й. гача Асхобод, 1927 й. гача Полторацк) — шаҳар, Туркманистон пойтахти (1924 й. окт. дан). Копетдоғ тизмасининг шим. этакларида, Ахал воҳасида. Халқаро т. й. ўтган. Ҳаво йўллари халқаро аҳамиятга эга. Ашхобод яқинидан Қорақум канали ўтади. Аҳолиси 412,8 минг киши (1999). Ашхобод ўрнида қадимда карвон йўли устида жойлашган манзилгоҳлар бўлган. Ашхобод 1881 й. қадимги Асхобод қишлоғи ўрнида Россия мустамлакачи қўшинларининг ҳарбий истеҳкоми сифатида вужудга келган. Кейинроқ Закаспий вилоятининг маъмурий маркази. Ашхободнинг вужудга келишида унинг муҳим карвон йўллари устида жойлашганлиги катта роль ўйнаган. 1885 й. Асхобод — Каспий ва 1899 й. Асхобод — Тошкент т. й. линияларининг қурилиши Ашхободда саноатнинг ривожланишига олиб келди. 1917 й. дек. да Ашхободда ҳокимиятни большевиклар эгаллаб, шўролар ҳокимиятини ўрнатди. 1918 й. 17 июнда большевиклар режимига қарши кўтарилган қўзғолон шўролар томонидан шафқатсиз бостирилди. 1918 й. 11—12 июлда Ашхободда ҳокимият эсерлар (оқ гвардиячилар) қўлига ўтди. 1919 й. 9 июлда шаҳарни яна большевиклар эгаллаб олди. 1924 й. гача Ашхобод Туркистон окт. дан Туркманистон пойтахти ва 1927 й. дан Ашхобод номини олди. 1948 й. ги Ашхобод зилзиласида шаҳар бутунлай вайрон бўлди.
Ашхобод — йирик саноат, маъмурий ва маданият маркази. Етакчи саноат тармоқлари — машинасозлик ва металлсозлик. Шунингдек кимё-фармацевтика, ойна, енгил (ипгазлама, ипак, пойабзал, гилам тўқиш ва б.), озиқ-овқат (гўшт, вино, ун, тамаки) саноати ривожланган. Матбуот уйи, кинофабрика бор.
Ашхобод — муҳим маданият маркази. Туркманистон ФА, 8 олий ўқув юрти (шу жумладан Туркманистон ун-ти), 4 театр (шу жумладан, Туркманистон опера ва балет театри), тасвирий санъат музейи, тарих музейи, тарих-ўлкашунослик музейи (1881 й. да асос солинган), «Нисо» тарих-маданият қўриқхонаси мавжуд. Ашхободда «Туркманистон», «Илм» нашриётлари, радио ва телевидение, телемарказ, Туркманистон телеграф агентлиги бор. Туркман ва рус тилларида газ. ва жур. лар нашр этилади. 1968 й. дан «Ашхобод оқшоми» шаҳар газ. нашр этилади.
20-а. бошида шаҳарда тўғри бурчакли кесишган кўчалар билан бирга радиаль йўналишли кўчалар ҳам бўлган; уйлар асосан пахсадан қурилган. Кейинги вақтларда шаҳар кенгайди ва замонавий уйлар қад кўтарди. 1948 й. ги зилзиладан кейин Ашхобод бутунлай қайта тикланди. Кўп қаватли зилзилабардош турар жой ва жамоат бинолари қурилди. 50—90-й. ларда бунёд этилган иншоотлар орасида Ҳукумат уйи биноси, Туркманистон ФА мажмуаси, Мулла Нафас номидаги Академик драма театри, қ. х. ин-ти, унт, тасвирий санъ-ат музейи, «Тинчлик» киноконцерт зали, марказий майдондаги Давлат кутубхонаси биноси, «Ашхобод», «Интурист» ва б. меҳмонхоналар бор. 1941 — 45 й. лардаги урушда ҳалок бўлган жангчиларга ёдгорлик ўрнатилган. 1991 й. дан кейин пойтахтда шарқ меъморий услуби билан уйғунлашган ҳолда кўплаб янги бинолар, жумладан президент саройи ва б. бунёд этилди.
Ашхободдан 39 км нарида, Копетдоғнинг шим.-шарқий ён бағирларида Феруза курорт шаҳарчаси жойлашган.